БЦЖ вакцинаси аҳоли учун

 

БЦЖ - бу сил касалига қарши эмлашдир. БЦЖ вакцинаси ёрдамида иммунизацияни ўтказиш 64та мамлакатларда мажбурий ҳисобланади ва яна 118та давлатларда уни қўллаш лозимлиги тўғрисида расмий тавсиялар берилган. Ҳайвонлар ва инсон учун мўлжалланган маълум адьювантлар орасида БЦЖ вакцинаси энг самарали ҳисобланади.

Сил касали ривожланаётган мамлакатлар соғлиқни сақлаш тизимларининг энг муҳим муаммоларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, одам иммунитети танқислиги вирусининг (ОИВ) тарқалиши сабабли, сил касали ривожланган мамлакатлар учун ҳам жиддий муаммога айланмоқда.
Сил касалини Mycobakterium tuberculosis бактериялари қўзғатади. Айнан ана шу микроблар ҳар йили ривожланаётган мамлакатларда сил касалига чалинишнинг қарийб 8 миллион янги ҳолатлари қайд этилиши ва 3 миллион киши нобуд бўлиши, ривожланган мамлакатларда эса 400000дан ортиқ одамлар шу касалликка дучор бўлишига сабабчи бўлмоқда.

Одам учун инфекцияни юқтирган ва ўта юқумли қўзғатувчи бактерияларни ўзидан чиқарадиган кишилар энг хавфли инфекция манбаи ҳисобланади. Бирламчи инфекция ҳар қандай ёшдаги олдамларда ривожланиши мумкин. Бемор ҳатто соғайиб бўлганидан сўнг ҳам касалликнинг фаол жараёни қайта қўзғаши ва инфекция беморнинг организмида тарқалиши мумкин.
Бундан ташқари, силга учраган уй ҳайвонлари – қора мол, чўчқа ва паррандалар ҳам инфекциянинг манбаи сифатида катта хавф туғдиради. Инфекциянинг тарқалиш механизмига келсак, у асосан ҳаво-томчи йўли билан, нисбатан камроқ ҳолатларда – инсон оғзидан, алоқа-маиший йўллар орқали ўтади. Сил профилактикаси бўйича тадбирлар мажмуйи орасида иммунизация етакчи ўрин эгаллайди. Силга қарши профилактик эмлашлар нақадар самарали эканлиги тўғрисида болалар ва ўсмирлар орасида ўлим, зарарланиш, касалмандлик ва касалланиш даражасининг пасайиши, инфекцияга учраш ҳолатларининг сезиларли камайиши яққол далолат бериб турибди.