Эпидемиологик кўрсатмалар бўйича махсус вакциналар аҳоли учун

 

Ич терлама – безгак, умумий интоксикация аломатлари, жигар ва талоқ катталашиши, бактериемия ва юпқа ичак лимфатик аппаратининг ўзига хос ўзгаришлари билан ифодаланадиган ўткир инфекцион касалликдир. Ушбу касаллик даврий хусусиятга эга бўлиб, 4-5 ҳафта давом этади.

Ич терламанинг асосий аломатлари қуйидагилардан иборат:
• безгак тутиши;
• умумий ҳолсизланиш;
• иштаҳа йўқотилиши;
• яққол кўриниб турган интоксикация («терламага чалинганлик ҳолати»);
• метеоризм (ич бузилиши);
• ич кетишининг ич қотиши билан алмашиб туриши;
• розеолезли тошма;
• юрак-томир тизимининг шикастланиши.

Ич терлама касаллигига дучор бўлганда энг хавфли оғирлашувлар ичакнинг перфорацияга учраши ва ичакдан қон кетишидан иборат.

Ич терлама касаллигининг қўзғатувчиси ич терлама таёқчаси бўлиб, ташқи муҳитга жуда чидамли бўлади. Оқадиган сувда таёқча 5-10 кун сақланади, оқмайдиган сувда эса – 30 кунгача, қудуқларнинг балчиғида бир неча ой давомида, сабзавот ва мевалар устида – 5-10 кунгача, бошқа маҳсулотларда - 2-8 ҳафта сақланиб туриши мумкин. 60 0С ҳароратгача қиздирилган микроблар фақат бир соатдан кейин, қайнатилганда эса – бир лаҳзада ўлади.

Ич терлама қўзғатувчисини фақат унга чалинган бемор киши ёки бактерия ташувчи шахс сақлаб юради. Бемор – инфекциянинг энг хавфли манбаидир, чунки касаликка учраган дастлабки кундан бошлаб, касалликнинг ўтиши давомида у ўз нажаси ва сийдиги билан бирга катта миқдордаги микробларни чиқаради. Эпидемиологик жиҳатдан сурункали бактерия ташувчиси бўлиш энг катта хавф туғдиради, чунки бундай ҳолат узоқ муддат, деярли бутун умр давом этиши мумкин.

Ич терлама касаллигининг қўзғатувчиси қуйидаги йўллар орқали юқиши мумкин:
1) ифлосланган қўллар ва турли уй-рўзғор бумлари (идишлар, чойшаб ва ш.ў.) орқали;
2) Ичиш, идиш ва сабзовотларни ювиш учун инфекцияланган сувдан фойдаланиш вақтида;
3) беморнинг кирланган қўллари билан ёки бактерия ташувчиси (масалан, пашша) томонидан инфекциялантирилган озиқ-овқат маҳсулотлари;

Профилактик эмлашлар қуйидагиларга қилиниши шарт:

- номаъқул микроучасткаларда ва ич терламага чалиниш даражаси юқори бўлган ҳудудларда яшовчи аҳоли;
- сувлари ифлосланган ҳудудларда яшовчи аҳоли;
- канализация, сув иншоотлари, ускуна ва тизимларига хизмат кўрсатувчи шахслар;
- ич терлама ташхиси билан шуғулланувчи инфекцион стационарлар ва бактериологик лабораторияларнинг тиббий ходимлари;
- сурункали бактерия ташувчилари қуршовида яшаб юрган шахслар;
- ич терлама бўйича гиперэндемик мамлакат ва минтақаларга чиқиб кетаётган шахслар;
- ич терламанинг тирик намуналари билан иш олиб борувчи шахслар.

Менингококкли инфекция – бу ўткир инфекцион касаллик бўлиб, бош ва орқа мия қобиғини шикастлантириш (менингит), менингококцемия (мия қобиғларини шикастлантирмайдиган сепсис) ва менингококкли назофарингит ҳолатини юзага келтириш билан ифодаланади. Касаллик кенг доирадаги клиник аломатларга эга – аломатларсиз кечадиган бактерия ташиш ва ўткир назофарингитдан бошлаб, то шиддат билан ўтадиган ва кўп ҳолларда касалланишнинг 1-чи кунидаёқ ўлимга олиб келадиган менингококцемия ва йирингли менингоэнцефалитгача.

Менингококк инфекциясини қўзғатувчиси - Вексельбаум менингококки - Ф, В, С, D, X, Y серологик гуруҳларига эга. Касаллик қўзғатувчиси инсон организмидан ташқарида турғун эмас ва совуққа нисбатан жуда таъсирчан.
Инфекция манбаи сифатида менингитга чалинган бемор ва бактерия ташувчиси бўлиши мумкин.
Менингококк инфекцияси фақат ҳаво-томчи йўли билан ўтади, шунингдек, бемор билан фақат давомли ва яқин алоқада бўлганда (0,5 метргача бўлган масофада) тақдирда юқади.

Менингококк инфекцияси профилактикасига доир тадбирлар мажмуида фаол иммунизация ёрдамчи вазифасини бажаради. Менингококк вакциналари гуруҳлар бўйича қатъий специфик жиҳатларга эга. Шунинг учун улардан фойдаланиш фақат ажратилган намуналар серогуруҳларини аниқлаш вақтида мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда менингококк инфекциясига қарши эмлашлар қуийдагиларга қилинади:
- А ёки С серогуруҳ менингококки томонидан қўзғатилган менингококк инфекцияси тарқалган жойлардаги болалар, ўсмирлар ва катталарга;
- касаллик билан зарарланиш хавфи жуда юқори бўлган шахсларга (БММдаги болалар, 1-2 синф ўқувчилари, ётоқхоналар яшовчилари).

Ўлат – бу ўта оғир интоксикация, яъни заҳарланиш, безгак, лимфатик тизим ва ўпка шикастланиши билан ифодаланадиган ўткир инфекцион касалликдир.

Ўлат вақтида инфекцион жараён бубонн, ўпка ва бирламчи-септик каби, учта асосий шаклда кечади.

Касаллик қўзғатувчиси – четлари думалоқланган бочкасимон шаклдаги ўлат таёқчасидир. У юқори даражада зарарлантириш ва ташқи муҳитга нисбатан чидамсизлиги билан ифодаланади. Туғридан-тўғри қуёш нурлари ўлат таёқчасини 2-3 соатда ўлдиради. 70 0С ҳароратгача қиздирилган таёқча 10 дақиқада, 100 0С ҳароратгача қиздирилганда эса – бир дақиқада йўқ бўлиб кетади. Ўлат таёқчаси паст ҳароратда узоқ вақт сақланади ва музлатиб қўйишга яхши чидайди.

Ўлат – бу энг аввало одамлар ўлатга чалинишларининг биринчи манбалари бўлмиш кемирувчиларнинг касаллигидир. Ўлатга каламушлар, юмронқозиқ, суғур, қум сичқон ва бошқа кемирувчилар дучор бўлади. Табиатда ушбу хасталик қўзғатувчисинининг асосий ташувчилари – бургалардир.

Инфекция манбалари сифатида ўлатни асосий ташувчилардан юқтирадиган бошқа ҳайвонлар ҳам (сассиқ кўзан, тулкилар, қуён ва мушуклар) бўлиши мумкин.

Ушбу инфекция турли йўллар билан ўтади:
- алоқа қилиш йўли билан;
- юқтиришнинг трансмиссив йўли – инфекцияланган ташувчиларнинг (бурга) чақиши орқали зарарланиш;
- ҳаво-томчи йўли билан юқтириш;
- алиментар йўли – инфекцияланган гўштни истеъмол қилиш вақтида.

Ўлатга қарши специфик профилактикани ўтказиш учун ўлатга қарши қуруқ тирик вакцина қўлланилади.
Ҳозирги вақтда ўлатга қарши эмлашлар ўлат бўйича энзонтик ҳудудларда яшовчи аҳолига ва ўлатни қўзғатувчи тирик намуналар билан ишлайдиган шахсларга қилинади.


Грипп – умумий интоксикация ва юқори нафас йўлларининг катарал зарарланиши билан ифодаланадиган, ўткир инфекцион касаллик.

Грипп қўзғатувчиси – бир қатор серологик турларга (А,В,С,Д) эга бўлган фильтрланувчи вирусдир. Айниқса, А ва В вируслари билан қўзғатилган касалликлар кўпроқ учраб туради. Бундан ташқари, А вирусининг турли хиллари бўлиб, улар А1 ва А2 деб аталади. А ва В вируслари бошқа вируслардан кўпроқ ўз антиген тузилишини ўзгартириб туради.

Грипп вируслари юқори ҳарорат таъсирига чидамсиз бўлади. Айни пайтда, улар паст ҳароратда яхши сақланади. Масалан, + 4 0С ҳароратда вируснинг қоришмаган аралашмаси бир ой давомида яшовчанлигини сақлаб туради.

Инфекциянинг манбаи гриппга чалинган бемор ўлиб, у касалланишнинг дастлабки кунларида айниқса катта хавф туғдиради, чунки айнан шу даврда унинг организмидан кўп миқдорда вирус ажралиб чиқади. Зарарлантириш даври, одатда, касаллик бошланганининг 7-10-чи кунига келиб тўхтайди.

Грипп инфекцияси ҳаво-томчи механизми орқали ўтади. Вирус бемор сўзлашаётганда, йўталганда ёки аксирганда ҳалқумдан шиллиқ ва туфук заррачалари билан бирга ташқарига чиқиб келиб, 2-3 метр масофагача атрофдаги ҳавога тарқалади. Беморнинг чиқараётган вируслари билан кирланган буюмлари орқали инфекциянинг юқиши чекланган аҳамиятга эга. Бундай вазиятларда вирус беморнинг дастрўмолчалари, сочиқлари ва шунга ўхшаш нарсаларида 11 суткагача сақланиб туриши мумкин.
Грипп профилактикаси бўйича комплекс тадбирлар орасида фаол иммунизация энг самарали чора ҳисобланади.


Сариқ безгак – бу келиб чиқиши табиий-ҳудудий бўлган ўткир ва оғир кечадиган ҳамда жуда хавфли инфекцион касаллик бўлиб, Африка ва Жанубий Американинг тропик ҳудудларида айниқса кенг тарқалган.

Клиник аломатлари касаллик бирданига бошланиб, 3-4 кун ичида беморнинг ҳарорати ўзига хос икки тўлқинли равишда +40 0С гача кўтарилиши, бош ва мушаклар оғриши, кўнгил айниши, бурун ва милклардан қон оқиши, қон қусиш ва қонли нажас чиқиши, ички органларга қон қуйилиши, сариқ касалга чалиниши билан ифодаланади. Касалланишнинг 25% ҳолатларида бемор нобуд бўлади.

Касалликнинг қўзғатувчиси – суюқлик муҳитига чидамсиз бўлган жуда кичик ўлчамдаги вирусдир. + 60 0С ҳароратда вирус 10 дақиқа ичида ўлади.

Табиатда ушбу инфекциянинг қўзғатувчиси турли хилдаги ўрмон ва синантроп маймунлари ва чивинлар ичида яшайди, чивинлар эса вирусни маймунлар орасида ҳамда ҳайвонлардан одамларга юқтирадиган тирик вирус ташувчисидир. Шаҳар аҳолиси орасида касаллик қўзғатувчиси бемордан соғлом одамга синантроп чивинлар турларининг бири томонидан юқтирилади. Вирус ташувчиси мавжуд бўлмаган вазиятда бемор киши атрофдагилар учун зарарли бўлмайди.

Ҳозирги вақтда сариқ безгакка қарши специфик профилактика чоралари чет элга (Жанубий Африка мамлакатларига) жўнаб кетаётган шахсларга нисбатан ўтказилади.

Куйдирги – бу умумий интоксикация ҳолати, безгак тутиши ҳамда тери, ўпка ва ичаклар зарарланиши билан ифодаланадиган, ўткир инфекцион касалликдир. Куйдирги вируси инфекцияларнинг зоонозли гуруҳига мансуб бўлади.

Касаллик қўзғатувчиси – куйидирги таёқчаси бўлиб, организмда айланадиган ва кўпаядиган вегетатив шаклдан, ташқи муҳит шароитларида яшай оладиган спора шаклига ўтиш қобилиятига эга. Куйдирги споралари ташқи муҳит таъсирлари ва дезинфекция воситаларига қарши ғоятда чидамли бўлади. Тупроқда, чорвачилик хом ашёлари ва ундан тайёрланган маҳсулотларда вирус ўнлаб йиллар давомида ўзининг яшовчанлигини сақлаб туради.

Инфекция манбаи – касалликкка чалинган уй ҳайвонларидир (асосан қора мол ва қўй-қўзилар). Касалланган ҳайвонлар касалликнинг бутун даври давомида бошқаларни зарарлантириш хавфини туғдириб, ташқи муҳитга сийдик ва нажас билан бирга қўзғатувчи вирусни чиқаради. Хасталикка учраган одам эса унча зарарли эмас.

Кўпинча касал ҳайвонлар билан мулоқот қилиш ва касалланган ҳайвондан олинган хом ашёга ишлов бериш, инфекцияланган кийимларни (қўй терисидан қилинган пўстин, мўйнали шапка, ёқалар) кийиш вақтида зарарланиш рўй беради. Инфекция инфекцияланган жунга ишлов бериш вақтида ҳаво-томчи йўли билан, озиқ-овқатлар орқали ва трансмиссив йўл билан (сўна, жигалка-пашшасининг чақиши орқали) тарқалиши мумкин.

Куйдиргининг қўзғатувчиси организмга тери ва шиллиқ пардалар, нафас олиш йўллари ва овқат ҳазм қилиш тракти орқали кириб келади ва бунинг натижасида куйдиргининг турли клиник шакллари ривожлана бошлайди.

Қутуриш – бу ўткир вирусли касаллик бўлиб, ўзига хос энцефалит ривожланиши билан ифодаланади ва гипертензия ҳолати юзага келиши, нафас олиш бузулиши, оғриқ берувчи томир тортишишилар ва юқори таъсирчанлик билан кечади. Касалланиш муқаррар равишда ўлимга олиб келади.

Қутуришнинг қўзғатувчиси фильтрланувчи вирус бўлиб, одам ёки ҳайвонинг марказий асаб тизимида жойлашиб олади. Қутуришнинг икки турдаги вируси мавжуд: табиатда айланадиган кўча вируси ва лабораторияда сақланиб турадиган вирус. Вирус туфук безларининг туфукларида бўлади. Бошқа ахлатларда (сийдик, сафро, нажас) вирус мавжуд бўлмайди. Мия ҳужайралари билан алоқага киришганда вирус цитоплазматик унсурлар (Негри жисмчалари деб аталади) пайдо бўлишига олиб келади.

Қутуришда инфекциянинг асосий манбаи ёввойи йиртқич ҳайвонлар (бўрилар, тулкилар ва ҳоказо) бўлади ва табиатда уларда вирус сақланиб туради. Бироқ, одамлар қутуриш касаллигига чалиниш даражаси кўчаларда эгасиз дайдиб юрадиган итларнинг сони ва касалликнинг улар орасида тарқалганлик даражасига (эпизоотияга) бевосита боғлиқ бўлади. Итларда касалланиш жараёни кўпинча уларнинг юриш-туришларида кўзга ташланмайдиган ўзгаришларсиз кечади. Қутуришга чалинган итлар жуда катта масофаларга миграция қилишлари, яъни кетиб қолишлари мумкин.

Инфекциянинг кейинги манбаи – бу мушуклар. Уларда хасталик баъзан бирмунча ўчган шаклда кечади. Шунингдек, касаллик ўтхўр ҳайвонлардан (қора молр, қўй-қўзилар, отлар, эшак ва туялар, буғулар) юқиши ҳолатлари кузатилади.
Инфекция инфекцияланган ҳайвонлар тишлаб олганда, туфуги тегиб кетган ёки тирнаб олганда юқади. Бемор одамлардан зарарланиш ҳолатлари жуда кам қайд этилган. Одамни юзи, боши, буйни ва қўлларидан қопиб олиш ҳолатлари айниқса катта хавф туғдиради.